» » Биз ҳам регламентни ўқиймиз! (1-қисм)

Биз ҳам регламентни ўқиймиз! (1-қисм)

Ўтган ҳафта олий лиганинг 2016 йилги мавсуми учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтганидан хабарингиз бор.

Бир неча йиллардан буён бир хил сценарий асосида кечадиган мазкур тадбир бу сафар ҳам деярли ўзгаришларсиз кечди. Аввалги йиллардан фарқли равишда бу сафар ОАВ ПФЛ Бош директори Фарҳод Магометовни кўпроқ “сўроққа” тутди. Ўз навбатида Фарҳод Абдуалиевич одатдагидан фарқли ўлароқ клуб раҳбарларидан фақатгина “Пахтакор” расмийларига ва ҳамкасбларимизга дакки берди. Келинг, тадбирда кўтарилган масалалар бўйича ўз фикрларимиз билан ўртоқлашсак.
ОАВга бўлган эътироз хусусида
Тадбирда даставвал Фарҳод Магометов сўнгра ПФЛнинг “Спорт” бўлими етакчи мутахассиси Валерий Лёткин ОАВга эътироз билдирди. Фарҳод Абдуалиевич ўйинлар санасининг ўзгартирилишига ўзига хос сабаблар борлигини айтган ҳолда ОАВга регламентни ўқишни тавсия қилган бўлса, Валерий Николаевич аниқ бир изоҳни келтирмасдан, ОАВга ҳурмат билан мурожаат қилиб, ўзининг ҳурматини ҳам талаб қилди. Қуйида ҳар иккала мутахассиснинг сўзларидан иқтибос келтирамиз.
Фарҳод Магометов: - Албатта, бу йил тақвимда бир қатор ўзгаришлар рўй берди. Лекин айтиш керак, бу ўзгаришларнинг ҳар бирини ўзига хос сабаблари бор. Ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмайди. Аниқроғи, ПФЛ ўз билганича ўйинлар муддатини ўзгартирмайди. Ҳаммаси Ижроия қўмитанинг қарорига асосланган ҳолда амалга оширилади. ОАВ ходимлари ЎФФ ёки ПФЛни танқид қилишдан олдин регламентни яхшилаб ўқиб чиқишларини сўраб қолардим. Ҳамма мамлакатда хавфсизлик биринчи ўринда туради. Бир нечта учрашувларнинг ўзгариши шу билан боғлиқ.
Валерий Лёткин: - ОАВ ходимларига битта илтимосим бор. Мен сизларни ҳурмат қиламан. Футболга каттагина ҳисса қўшяпсиз. Лекин мен каби кўпни кўрган инсон учун ёш журналистни радиода чиқиб гапиргандек, ҳар хил гапларни гапириши ёқимсиз ҳолатдир. Агар қандайдир саволларингиз бўлса, бемалол жавоб қайтаришга тайёрман.
Хўш, ОАВ регламентни ўқимасдан танқид қиладими? Келинг, қуйида шу саволларга жавоб топиш мақсадида Фарҳод Абдуалиевич тавсия қилганидек, регламентга кўз югуртирамиз. Агар бизнинг танқидларимиз асоссиз бўлса, ҳеч қандай гап-сўзсиз узр сўрашга ҳам тайёрмиз. Мабодо бунинг акси бўлса, қолгани ПФЛга ҳавола. Демак, бошладик. Регламентнинг “Иштирокчилар ва мусобақани ўтказиш шартлари” деб номланган 4-бўлимининг 4та бандида ўйинлар санасини қандай вазиятларда ўзгартириш мумкинлиги ҳақида ёзиб қўйилган.

4-БЎЛИМ. ИШТИРОКЧИЛАР ВА МУСОБАҚАНИ ЎТКАЗИШ ШАРТЛАРИ
4.16. Олий лига, Ёшлар Биринчилиги, Биринчи лига ва Ўзбекистон Кубоги доирасидаги учрашувларни бошланиш вақти 12:00 - 20:00 оралиғига белгиланади. Ёз ойларида учрашувларни 17:00дан олдин бошлаш тақиқланади.
Сўнгги тур ўйинларининг бошланиш вақтини ПФЛнинг “Спорт” бўлими белгилайди.
4.24. Уч ва ундан кўп футболчиси миллий терма жамоага, беш ва ундан кўп ўйинчиси Олимпия терма жамоасига чақирилган клублар ҳамда ОФК доирасидаги мусобақаларда қатнашадиган жамоаларнинг ўйинлари муддати ўзгариб қолса, Ўзбекистон чемпионати ва Ўзбекистон Кубоги доирасидаги учрашувларини бошқа муддатга кўчиришга ҳаққи бор.
4.32. Учрашувлар тасдиқланган тақвим бўйича ўтказилади ёки ўйинлар санасини ПФЛнинг “Спорт” бўлими белгилайди.
4.33. Учрашувлар қуйидаги ҳолатларда бошқа муддатларга (кун ёки соат) кўчирилади:
- “форс-мажор” ҳолатлари сабабли учрашувни бошлаш, давом эттириш, якунлашнинг имконияти бўлмаса. Бунга қуйидаги ҳолатлар киради: авария, ёнғин, тошқин, ер қимирлаши ва табиатнинг бошқа ҳодисалари. Бундан ташқари, мусобақа ташкилотчиларига боғлиқ бўлмаган ҳодисалар шу жумласига киради.
Энди регламентдаги шу қоидалар бўйича тақвимдаги ўзгаришларни таҳлил қиламиз. ПФЛ расмий сайти олий ва биринчи лиганинг сўнгги икки тур ўйинлари регламентнинг 4-бўлим, 16-бандига асосан бир вақтда ўтказилишини эълон қилганди. Юқорида ўша 16-бандни келтирдик. Бандда ўйинлар бир вақтда бошланиши ҳақида гап йўқ. Шунчаки, учрашувларнинг бошланиш вақтини ПФЛнинг “Спорт” бўлими белгилайди, дейилган. Демак, қуръани ўтказадиган бўлим истаса барча ўйинларнинг бошланиш вақтини ҳар хил соатларга белгилаши ёки бир пайтда старт олишини таъминлаши ҳам мумкин. Яна бир гап: 16-бандда сўнгги турлар дейилган, яъни айнан охирги икки тур эмас! ПФЛнинг бу қарорини ҳамма ҳурмат қилади, лекин бу йил сўнгги турларнинг бошланиш вақти 14:00га белгиланган бўлса-да, уч кун давомида ўтказилди. Натижада шу қарор туфайли ПФЛ кескин танқидлар остида қолиб кетди. Бир таҳлил қилайликчи, бу ерда ОАВнинг танқиди асоссизми ёки асосли? Хўп, регламентда сўнгги тур ўйинларининг бошланиш вақтини ПФЛ белгилаши ёзиб қўйилгандир. Аммо ПФЛ расмий сайтида ўша банд бўйича эълон қилинган хабарда сўнгги икки тур ўйинлари бир вақтда бошланиши маълум қилинган. (Буни ўз кўзи билан ўқишни истаганлар ПФЛнинг расмий сайтига кириб, янгиликлар архивидан шу хабарни топиб, ўқишлари мумкин). Ўз-ўзидан маълум, бир вақт дегани бир кун дегани. Қандай қилиб, бир вақт деганда уч кунни тушуниш мумкин? Агар бу ерда ОАВ асоссиз танқид қилган бўлса ҳам бу ПФЛнинг айби. Чунки регламентда аниқ гап ёзилмаган ёки расмий хабарда бунга изоҳ берилгани йўқ. Қолаверса, юқорида таъкидлаганимиздек, ПФЛ расмий сайтидаги расмий хабарда БИР ВАҚТДА деб ёзиб қўйилган. Шундай экан, бу ерда қандай қилиб ОАВни айблаш мумкин?

Энди танқидлар янада кескинлашишига сабаб бўлган қарорга тўхталайлик. Юқорида таъкидлаганимиздек, даставвал олий лиганинг сўнгги тур ўйинлари бир вақтга белгиланган бўлса-да, ўйинлар уч кунга бўлиб чиқилди. Оддий мисол, олий лиганинг 30-туридан ўрин олган “Бунёдкор” – “Қўқон-1912” жамоалари ўртасидаги учрашув регламентнинг 4-бўлим, 32-бандига асосан ноябрнинг 20 санасидан 19 кунига кўчирилди. ПФЛнинг бу қарорига эътироз йўқ, чунки ўзгаришга асос қилинган регламентдаги бандда ўйинлар вақтини ПФЛ белгилаши ёзиб қўйилган, бироқ ундан олдин қабул қилинган қарорчи? Кўриниб турибдики, ПФЛ бу ерда ўзига-ўзи қарши чиқяпти. Ё фикримиз нотўғрими? Унда нега расмийларимиз ОАВдан хафа бўлиб, бизга эътироз билдиряпти?! Айтганча, Фарҳод Абдуалиевич тадбирда ўйинлар санаси ўзгаришини Ижроия қўмитани қарори ва хавфсизлик билан изоҳлади. Регламентнинг 4-бўлим, 33-бандида учрашувлар бир нечта ҳолатларда бошқа муддатга кўчирилиши мумкинлигига кўзимиз тушди. Гарчи Сўнгги турдаги ўзгаришлар бу банд асос қилиб келтирилмаган бўлса-да, биз асосни шу банддан излашга ҳаракат қилдик. Боиси, ўйинлар вақтини ПФЛ белгилар экан, қайсидир бандга асосланиши аниқ. Лекин “Бунёдкор” – “Қўқон-1912” ўйини 33-бандда келтирилган вазиятларга тўғри келмаслиги маълум бўлди. Аслида бу фақат мазкур ўйин билан боғлиқ эмас. Худди “Бунёдкор” – “Қўқон-1912” учрашуви каби регламентнинг 4-бўлим, 32-бандига асосан муддати ўзгартирилган ўйинларга ҳам тегишди. Хуллас, 33-бандда учрашувлар қуйидаги ҳолатларда бошқа муддатларга (кун ёки соат) кўчирилади, деб ёзиб қўйилган: - “форс-мажор” ҳолатлари сабабли учрашувни бошлаш, давом эттириш, якунлашнинг имконияти бўлмаса. Бунга қуйидаги ҳолатлар киради: авария, ёнғин, тошқин, ер қимирлаши ва табиатнинг бошқа ҳодисалари. Бундан ташқари, мусобақа ташкилотчиларига боғлиқ бўлмаган ҳодисалар шу жумласига киради. Буни юқорида кўриб чиққан бўлсакда, эслатиб ўтишни лозим, деб билдик. Айтингчи, хўп, ўйинлар вақтини ПФЛ белгилар экан, нимагадир асосланиши керакку?! Агар Фарҳод Магометов таъкидлаганидек, хавфсизлик, яъни миллий-мамлакат хавфсизлиги биринчи ўринга чиқадиган бўлса, буни ҳам регламентга киритиш керак. ОАВда фаолият кўрсатадиганлар учун ҳам мамлакат хавфсизлиги биринчи ўринда туради. ПФЛ буни регламентга киритмаган экан, бу унинг айби. Бунинг учун огоҳлантирилмаган ОАВдан хафа бўлишга ёки уларга эътироз билдиришга асос йўқ.

Яна бир қоидага кўра, ўйинлар муддати ўзгартирилиши мумкин. 4-бўлимнинг 24-бандига кўра, маълум нафардаги футболчилари миллий ва олимпия терма жамоаларига чақирилган клублар ўз ўйинларини бошқа муддатга кўчиришга ҳаққи бор. Бу банд ҳам сўнгги тур ўйинлари уч кунга бўлиб чиқилишига асос бўла олмайди. Ёдингизда бўлса, мавсумнинг иккинчи туридан ўрин олган “Қўқон-1912” – “Пахтакор” жамоалари ўртасидаги учрашув айнан шу бандга кўра бошқа муддатга кўчирилганди. Аслида ўша ўзгариш асосли бўлса-да, ПФЛнинг тақвимга жавоб берадиган бўлими терма жамоамизнинг йиғинини инобатга олмагани учун танқид қилинганди. Ваҳоланки, ўша вақтда терма жамоамиз Осиё чемпионати саралаш баҳсларига тайёргарлик кўриши олдиндан аниқ эди. Танқидга тақвим тузилишида шу инобатга олинмагани ёки терма жамоа мураббийлари билан маслаҳатлашилмагани сабаб бўлганди.
Биз фақатгина сўнгги тур ўйинлари борасида сўз юритдик. Ваҳоланки, бу йил ҳам нафақат олий лигада, балки биринчи лигада ҳам бир қатор ўйинлар бошқа саналарга кўчирилди. Олий лигада ўйинлар муддати юқоридаги сабаблар туфайли ўзгартирилса, биринчи лигада бунга клубларнинг ўзлари “айбдор” бўлмоқда. Сабаби, қуйи лига жамоалари Ўзбекистон Кубогида қанча узоқроққа боришса, чемпионатдаги ўйинларининг сони ва муддати шунчалик кўп ўзгаряпти. Ўзбекистон Кубоги билан биринчи босқичдан кейиноқ хайрлашган клублар танаффусга чиқиб, дам олаётган бир вақтда бошқалар ёзнинг қоқ чилласида қолдирилган ўйинларни ўтказиб юрибди. Бунга юқорида айтганимиздек, ўзлари “айбдор”. Улар Ўзбекистон Кубогида ПФЛ учун кутилмаганда матонат кўрсатиб қўйишмоқда. Хўш, айтингчи, бу танқидга асос бўла оладими? Ёки бу ўзгаришлар ҳам регламентда ёзилмаган хавфсизлик ёки юқоридаги 4та бандга тўғри келадими? Энди бир ўйлаб кўринг, биз журналистлар регламентни ўқиймизми-йўқми?! Танқидларимизда асос борми-йўқми?! Хулоса ўзингиздан.
Фарҳод Абдуалиевич ОАВга охирги марта қачон эътироз билдирганини эслай олмайман. Ўша вазиятда ҳамкасбларим футболимиз раҳбарининг ҳурматини жойига қўйиб, бу эътирозга жиддий жавоб қайтармади. Аслида Фарҳод Магометов ва Валерий Лёткиннинг эътирозига муносиб тарзда жавоб бера оламиз. Жавоб берганда ҳам ўзлари тасдиқлаган регламент бўйича жавоб беришга билимиз етади. Аммо қуръа ташлаш маросими бу - расмий тадбир. Бундай тадбирда раҳбар билан тортишиш бошқалар олдида бизнинг ҳам, раҳбарнинг ҳам ҳурматига тўғри келмайди. Айниқса, раҳбар инсонга барчанинг ичида камчиликлари айтилса, унга бўлган ҳурмат йўқолиши мумкин. Шу боис, биз буни ўзимизга лозим, деб топмадик. Шунга мос равишда футболимиз раҳбари ҳам ҳамманинг ичида ОАВга жиддий эътироз билдирмагани маъқул. Агар эътирози бўлса, ПФЛда матбуот котиб бор. Унга журналистларни учрашувга чақиришни буюрилса биз доимо лаббай, деб жавоб қайтарамиз. Ўша алоҳида йиғилишда ким ҳақ-у, ким ноҳақ эканлигини билиб оламиз. Ҳозирги ҳолатга ўхшаб, биз регламент бўйича ҳам танқид қилсак, бизга эътироз билдирилса, улар ўзларини, биз ўзимизни ҳақ, деб юраверсак ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Футбол бизники ёки ПФЛники эмас, балки халқники, бутун мамлакатники! Уни ҳеч ким ўзиники қилиб, оёқ ости қилишга ҳаққи йўқ! Гарчи чўнтагидан пул сарфласа ҳам!
(Давоми бор...)
Фурқатбек Нишоновскачать dle 10.4фильмы бесплатно


Фикр колдириш

Информация
Фикр колдириш учун аввал регистрациядан ўтинг!
»»» Келди ««« Кетди
И. Исоқжонов -
Р Е К Л А М А
1xBet
Кейинги учрашув
26-тур. 30 ноябрь, 15:15
- : -
Суперлига - 2019
Жамоа Ў О
1 Пахтакор 26 69
2 Локомотив 26 49
3 Бунёдкор 26 43
4 Сўғдиёна 26 40
5 Металлург 26 35
6 Сурхон 26 35
7 Насаф 26 33
8 АГМК 26 32
9 Навбаҳор 26 32
10 Андижон 26 28
11 Қўқон-1912 26 26
12 Бухоро 26 24
13 Қизилқум 26 24
14 Динамо 26 24
Сизнинг рекламангиз учун жой. Телеграмда @lochinlaruz ни изланг!
Ўтган учрашув
21-тур. 1 okтябрь, 19:15
1 - 0
Тақвим
«    декабр 2019    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031 
Логин
Пароль
Запомнить