» Интервью » Давронов: «Навбаҳор»га ўсиш учун келдим»
Давронов: «Навбаҳор»га ўсиш учун келдим»

“Навбаҳор” клуби Туркияга кетиш олдидан яна бир трансферга қўл урди. Яқинда хабар бериб ўтганимиздек, “Машъал”нинг биринчи рақамли дарвозабони ҳамда сардори – Раҳим Давронов фаолиятини энди “Навбаҳор” жамоасида давом эттиради.
Тўғри, “Навбаҳор”да асосий посбон сифатида Ўткир Юсупов бор. Аммо у кўпинча рақобатдан ҳоли қолаётганди. Давронов эса унга муносиб шерик бўла олади. Айтиш жоизки, Раҳим ўтган йили “Машъал” таркибида 24 та учрашувда жамоасининг дарвозасини қўриқлади. 2019 йили эса “Бухоро” таркибида ҳам тўп сурган. Бунинг устига у ҳам 2018 йили U-22 Осиё чемпионатида терма жамоамиз билан ғолибликни қўлга киритган футболчилардан бири ҳисобланади.
1996 йилда таваллуд топган Раҳим Давроновнинг фаолиятида энди янги саҳифа очилди. “Навбаҳор” унинг учун янги чақириқ десак муболаға бўлмаса керак. Айни дамда жамоаси билан Туркияда бўлиб турган дарвозабон “Навбаҳор”га кўчиб ўтиши қандай юз бергани тўғрисида гапирди.
- Табрик учун раҳмат. Биласизми, ўзим ҳам вазият бундай ўзгариб кетишини билмагандим. Ҳа, менга бир қатор клублардан таклифлар бўлаётганини айтишганди. “Машъал” клуби бош директори Илҳом ака Қурбонов билан ўша вариантларни кўриб чиқаётгандик. Кейин эса бирданига “Навбаҳор” клубидан таклиф келиб тушди, бу ҳақида менга маълум қилишди. Мен эса бу таклифга иккиланмасдан розилик бердим. Нимага десангиз, “Навбаҳор” клубида Ўзбекистоннинг энг кучли дарвозабонларидан бири Ўткир Юсупов бор. Рақобат бор жойда ўсиш бўлади. Шунинг учун ҳам розилик бердим.
Умуман айтганда, Давроновнинг аслида “Машъал” билан амалдаги шартномаси бор бўлса-да, клуби уни сотишни маъқул кўрди. Натижада унга таклиф билан чиққан жамоалар орасида “Навбаҳор” футболчининг трансферида келиша олди. Раҳимжон ўзининг трансферга қўйилишига аслида қандай муносабатда бўлган?
- Ҳа, албатта ўзим ҳам трансферга қўйишларини хоҳлагандим. Чунки боя айтганимдек, менга бир қатор жамоалардан таклифлар бўлаётганди. Клуб фойдасини ўйлаб ҳам эътирозим бўлмаган. Бунинг устига ўзим ҳам футболчи сифатида янада ўсишни хоҳладим.
Шундай қилиб, унинг “Навбаҳор” клубидаги ҳаёти бошланди. Энди дарвозабоннинг янги мақсад ва режалари бор. Чунки у Ўзбекистоннинг етакчи клубларидан бирига бориб қўшилди. Янги оиласи қандай қарши олганига ҳам тўхталди.
- Худога шукр, янги жамоамда мени жуда илиқ қарши олдилар. Бу борада менда ҳеч қанақа эътироз йўқ. “Навбаҳор”да танишларим ҳам кўп. Илгари айримлари билан бир клубда тўп сурганман. Бир сўз билан айтадиган бўлсам, “Навбаҳор”даги барча ўйинчилар билан яхши муносабатдаман.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, Давронов энди Ўткир Юсупов билан рақобатлашади. Лекин шуниси маълумки, Раҳимжоннинг “Навбаҳор”га ўтишида Юсуповнинг борлиги ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Бу ҳақида юқорида ўзи таъкидлаб ўтди. Барчага маълумки, Ўткир “Навбаҳор”нинг асосий дарвозабони саналади. Давронов ундан биринчи рақамли посбон номини тортиб олармикин?
- Юқорида айтиб ўтганимдек, Ўткир ака Юсупов Ўзбекистоннинг энг яхши дарвозабонларидан бири. Мен бу ерга ўсиш учун келганман. Рақобатни яхши кўраман.
Катта футболга “Машъал” орқали кириб келганини унутмаслик керак. Шу кунга қадар дарвозабон фаолиятидаги катта қисмини Муборакда ўтказди. Давронов эса бу клубни тарк этиш осон бўлмаганини айтиб, шундай деди:
- Тўғри, “Машъал”ни тарк этиш осон бўлмади. Чунки одам ўрганиб қолган жойидан кетгиси келмайди. Аммо мен вазиятни тўғри тушундим. “Машъал”да яна яхши дарвозабонлар бор. Улар бемалол менинг ўрнимни тўлдира оладилар, деган умиддаман. Ким билади, балки яна “Машъал”да тўп суриш насиб қилиб қолар.
Телеграм каналимизга аъзо бўлинг! @lochinlaruzofficial
Кейинги учрашув
1-тур. 9 март | ||
![]() |
| ![]() |
Суперлига - 2020
№ | Жамоа | Ў | О |
1 | Навбаҳор | 0 | 0 |
2 | Насаф | 0 | 0 |
3 | АГМК | 0 | 0 |
4 | Бунёдкор | 0 | 0 |
5 | Қўқон-1912 | 0 | 0 |
6 | Сўғдиёна | 0 | 0 |
7 | Металлург | 0 | 0 |
8 | Пахтакор | 0 | 0 |
9 | Локомотив | 0 | 0 |
10 | Машъал | 0 | 0 |
11 | Қизилқум | 0 | 0 |
12 | Сурхон | 0 | 0 |
13 | Андижон | 0 | 0 |
14 | Турон | 0 | 0 |

Сизнинг рекламангиз учун жой. Телеграмда @lochinlaruz ни изланг!
Ўтган учрашув
Ўзбекистон Кубоги. 1/4 финал. 12 декабрь | ||
![]() |
| ![]() |
Фикр колдириш