» » Диёр Имомхўжаев: Мантиқсиз ўйин

Диёр Имомхўжаев: Мантиқсиз ўйин

Диёр Имомхўжаев: Мантиқсиз ўйинЎз тарихида Ўзбекистон Олий Лигасидан ҳеч қачон тушиб кетмаган клуб Ҳаққулобод жамоасидан енгилиши керак эдими? Бутун бошли Наманган вилоятининг биринчи рақамли жамоаси шу вилоятнинг бир чеккасидан чиқиб қолган “Норин” жамоасидан-а?

“Норин” рақибини енгиб қўйганида ҳам Олий Лигада ўйнай олармиди, деган савол берилса, унга жавоб бериш нисбатан осонроқ бўлади. Ва буни ҳамма билиб туради. Иккита лига ўртасидаги фарқ шу қадар каттаки, иккинчисидан йўқ бўлиб қолсанг биров сезмайди ҳам.

Мана масалан “Оқтепа”ни олайлик. Бир йил аввал ўтиш ўйинида қатнашиб, “Сўғдиёна”га етарлича ташвиш туғдирганди. Ҳозир эса ўрни таги йўқ. Бир неча йил қилган меҳнатинг қандайдир клубни олиб қолиш йўлида сариқ чақага айланиб қолса, 4 та “Оқтепа”ни ҳам ёпиб юбораверасан, муаммо йўқ. Кейинги йилга қолмай “Норин” йўқ бўлиб кетса, ким ажабланади? Унинг каби жамоалар камми? “Атласчи”, “Сурхон”, “Тўпаланг”, “Нукус” каби Олий Лигада ўйнаб кўрган жамоаларни битта нафасда “кўмиб” юборган одамлармиз, бунисини икки баробар осонроқ ҳазм қиламиз. Ҳаққулободдагилар маъзур тутишсин, бу ҳақиқат. Уларнинг ҳаракатига, интилишига, иродасига қойил қолдим. Бироқ қани энди ҳамма нарса шу фазилатларга боғлиқ бўлганида. Олий Лигага эса пул керак, қолган ҳамма нарса инкор қилинади бу жойда.

Қуйи лигадан тепага чиқиши мумкин бўлган жамоа бор-йўғи 1 дона бўлар экан, ўтиш ўйини театрдан бошқа нарса эмас. Мен уни шундай қабул қиламан. ПФЛ ҳам буни тушунади ва тушунгани учун ҳам ўйинни ўтказиш юкини бир йил “Олмалиқ”қа, кейинги йил “Локомотив” бўйнига ташлаб қўя қолади. Ўзи бош-қош бўлиб ҳам ўтирмайди. “Локомотив” эса мана стадион дейди, мана тўп олиб берувчилар, дейди. Масалан ўзи шу стадионда ўйнаса, уни қордан тозалаб қўярди. Худди қор кўпроқ вақтида “Бунёдкор” кубок ярим финали олдидан майдондан қорни кураб ташлаганидек. Бироқ Наманганнинг иккита клуби ўйнайдиган ва артистлар тили билан айтганда “том сувоқ” ўйин учун нега энди “Локомотив” ишчилари қор кураши керак? Об-ҳаво инжиқ вақтида, Қамчиқ довонидан юриш у қадар тавсия этилмайдиган бир вақтда Наманган клубларини Наманганда ўйнатиб қўя қолса нима қиларди, деган мантиқли савол ҳам бўлади. Олий Лига ўйинларини вақтини етарлича ўзгартирадиган, керак бўлса сўнгги турни бир вақт майли-ку, икки кунда ўтказишдан ийманмайдиган ПФЛ ўтиш турнири жойини кўчиришни ўзига эп кўрмаганими бу? “Насаф” билан “Бунёдкор” кубок финалини Жиззахда ўтказиши жуда зўр иш. “Сўғдиёна” билан “Оқтепа”нинг Олмалиққа ташрифи ҳам яхши, нейтраллик бор. Водийнинг иккита жамоасини Тошкентга олиб келиш нимаси? Тошкентликлар ўз клуби ўйнаганида майдонга тушмайди-ку, Наманган клуби ўйинига келадими стадионга? Учрашув яна иш қайнайдиган душанбанинг иш вақти бўлган 13:00 да бошланса… Мантиқсизлик!

Ҳаммасидан ҳам қойил қолганим, оппоқ қор устида оқ тўпда ўйналгани. Мухлислар тўпни кўриб қолса, учрашув келишилган бўлиши мумкинлиги борасида гап чиқарадигандек. Бечора “Норин” дарвозабонига қийин бўлди. Оқ стадиондан учиб келаётган оқ тўпни икки марта кўрмай қолди. Кўрганида кеч бўлди, ғалати голлар ўтказди, хуллас.

“Норин”га эса раҳмат. Футболчилари тоза ҳаракат қилди. Бир неча хавфли вазиятлар яратди. Аслида бир йил аввал ҳам шундай бўлганди, “Оқтепа” чунон ҳаракат қилиб ҳам, уловни кутилганидек “Сўғдиёна” қўлига топшириб қўя қолганди. Сценарий иккита қизил карточкасини айтмаса, ўша-ўша қолган.

Олий Лига бу йил тозароқ ўтди, деб дўппимизни осмонга отишни сўрашди. Худди “Металлург”га жон кирса, қолганлар қордек оппоқ бўладигандек. “Навбаҳор” чемпионлик учун кураш олиб бораётган “Бунёдкор” стадионида бемалол дуранг ўйнади. Бунда “қалдирғочлар”га раҳбарлик қилаётган одамнинг “Навбаҳор”дан чиққанидан тортиб, Илҳом Мўминжоновнинг “Бунёдкор”дан чиққанигача тўғри тушунди ҳамма. Қўқон клуби йил бўйи зўрға юриб, охирига бориб Ғузор томонларни бузиб юборай деди. Мен буларни келишилган демоқчи эмасман, қайтага хурсанд бўлдим. Илҳом Мўминжонов футболчи сифатида қандай ёққан бўлса, мураббийлиги ҳам яхшиo бошлангани кайфиятни кўтарди. Бироқ футболдаги атмосфера шундайки, ўйин келишилмаган деган қуруқ гап одамларни ишонтирмайди. Улар ҳеч нарсага ақли етмайдиган содда, гўллар эмас-ку! Агар ҳамма ўйинлар “Андижон” — “Навбаҳор” ёки “Обод” — “Андижон” каби бўлганида эди, тўғри тушунишга уриниб кўрардик.

Ҳозир эса “Норин” деган жамоанинг ёриб чиққанидан тортиб, “Динамо”нинг Олий Лигага қайтганига қадар ясама нарсалар. “Норин”га нимадир қилса, Наманган ҳокимияти ҳеч нарса йўқотмайди. Бироқ “Навбаҳор” учун шахсан ҳокимнинг ўзи жавоб бериши керак. Балки ўтлаб кетгандирман, аммо яширмасдан айтаманки, “Навбаҳор” футболчиси қизил карточка олиши ҳам унинг Олий Лигада қолишига бўлган ишончимни грамм ўзгартира олмади. Узр…

Биз шу кунга қадар каром шўрва ичиб келган бўлсак, бу йил устига райҳон солиб беришди. Келаси йил чой қошиқда қаймоқ қўшилади. Бироқ унутмайлик, нима қилганларида ҳам боршчдан ош ясай олишмайди.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ.скачать dle 10.4фильмы бесплатно


Телеграм каналимизга аъзо бўлинг! @lochinlaruzofficial

Фикр колдириш

Ваше Имя:
Ваш E-Mail:
Полужирный Наклонный текст Подчёркнутый текст Зачёркнутый текст | Выравнивание по левому краю По центру Выравнивание по правому краю | Вставка смайликов Выбор цвета | Скрытый текст Вставка цитаты Преобразовать выбранный текст из транслитерации в кириллицу Вставка спойлера
Кейинги учрашув
6-тур. 16 апрель
- : -
Суперлига - 2021
Жамоа Ў О
1 Пахтакор 5 15
2 Сўғдиёна 5 11
3 Қўқон-1912 5 9
4 Насаф 5 8
5 Бунёдкор 5 8
6 АГМК 4 7
7 Металлург 5 6
8 Қизилқум 5 6
9 Локомотив 5 5
10 Навбаҳор 5 4
11 Сурхон 5 4
12 Андижон 5 4
13 Машъал 5 4
14 Турон 4 1
MostBet >
Сизнинг рекламангиз учун жой. Телеграмда @lochinlaruz ни изланг!
Ўтган учрашув
5-тур. 7 апрель
1 - 2
Логин
Пароль
Запомнить